Дам олиш кунлари қандай об-ҳаво бўлади

Шанба куни куннинг иккинчи ярмида Бухоро ва Навоий вилоятларида, кечга томон эса Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ёмғир ёғади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Ўзгидромет дам олиш кунлари кутилаётган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.
Синоптиклар прогнозига кўра, бугун, жума куни, республика бўйлаб ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди.
11 ноябрь, шанба куни, куннинг иккинчи ярмида Бухоро ва Навоий вилоятларида, кечга томон эса Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ёмғир ёғади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.
Якшанба куни мамлакат бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди, фақат кечаси ва эрталабги соатларда Фарғона водийси вилоятларида ва Тошкент вилоятининг баъзи жойларида ёмғир ёғади.
10-12 ноябрь кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 11 ноябрь ва 12 ноябрь кунлари кечга томон ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, Тошкент вилоятида баъзи жойларида кучли бўлади.
Бугун ва дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати кечаси +3...+8 даража, кундузи +13...+18 даража бўлиши сақланиб туради.
Пойтахтда 10 ноябрь куни ёғингарчилик кутилмайди. 11 ноябрь куни кечга томон ёмғир ёғади. 12 ноябрь куни кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади, кундузи ёғингарчилик кутилмайди.
Кундуз кунги ҳарорат бугун ва эртага ҳарорат +16...+18 даража илиқ, якшанба куни эса +13...15 даража илиқ, кечаси +4...+7 даража атрофида бўлади.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб ғарбдан 3-8 м/с тезликда эсади, 11 ноябрь куни 12-15 м/с гача кучайиши мумкин.