ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Охирги йилларда Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларини кучайтириш тарафдори бўлган Европа парламенти мазкур чораларга нисбатан шубҳа билдирди ва Европа Иттифоқи кенгаши билан Европа комиссиясини бу вазиятни имкон қадар тезроқ ўзгартиришга чақирди. Бу ҳақда Брюсселда бўлиб ўтган ЕИнинг ялпи мажлисида қабул қилинган резолюцияда маълум қилинди, деб ёзади РИА Новости.
Резолюция пайшанба куни Европа парламенти ялпи мажлисида кўпчиликнинг овози билан қабул қилинди. Европарламентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича резолюциялари қонуний кучга эга эмас, аммо бошқа Европа институтлари Европарламент депутатлари фикрини тинглаши керак.
Хусусан, Европарламент Россия энергия экспорти, жумладан, ЕИга етказиб бериш ҳисобига ҳали ҳам юқори даражада қолаётганидан ва Россия иқтисодиёти ўсиш суръатларини кўрсатаётганидан норозилигини билдирди.
“2023 йил август ойидан бошлаб Россия нефть юқори нархини четлаб ўтишнинг янги йўлларини топди ва шу тариқа жаҳон бозорларида Россия нефтининг нархи кўтарила бошлади”, — дейилади ҳужжатда.
Европарламентнинг таъкидлашича, Россия нефть экспортини Европа Иттифоқидан Ҳиндистон, Хитой ва Туркияга йўналтиришга муваффақ бўлди.
Шу билан бирга, европарламентарийлар Европа Иттифоқининг ўзи Россия хом ашёси асосида Ҳиндистондан нефть маҳсулотларини сотиб олишда давом этаётганини ва Россия нефтининг катта қисми Европа танкерлари орқали ташилаётганини тан олди.
Европарламент, шунингдек, Европа Иттифоқи Россия энергия ресурсларининг асосий харидорларидан бири бўлиб қолаётганидан ҳайратда, Россия Европага суюлтирилган табиий газ етказиб беришни кўпайтирди ва бу кўрсаткич бўйича АҚШдан кейин иккинчи ўринни эгаллади.
"Европа Иттифоқи ҳар ой Россияга қазиб олинадиган ёқилғи сотиб олиш учун икки миллиард евро юборишда давом этмоқда", - дейилади ҳужжатда.
Умуман олганда, Европарламент Россиянинг Европа Иттифоқига импорти камайганига қарамай, иттифоқнинг айрим мамлакатлари ўзаро савдо ҳажмини оширганини таъкидлади.
Европа депутатлари 2022 йилда Россия иқтисодиёти мисли кўрилмаган санкциялар фонида Ғарбда кутилганидан анча кам қисқарганини ва 2023 йилда 2,2 фоизга ўсиши прогноз қилинганини таъкидладилар. Шу билан бирга, Европарламент ҳужжатида кўрсатилганидек, Россия мудофаа харажатларини сезиларли даражада (70 фоизга) оширишни режалаштирмоқда, санкциялар эса, аксинча, Россия ҳарбий салоҳиятини камайтиришга қаратилган эди.
Россия Федерацияси Ғарб бир неча йил олдин Россияга кирита бошлаган ва кучайишда давом этаётган санкциялар босимига дош беришини бир неча бор таъкидлаган. Москванинг таъкидлашича, Ғарб Россия Федерациясига қарши санкциялар муваффақиятсизликка учраганини тан олишга журъат этмаяпти. Ғарб давлатларининг ўзида ҳам Россияга қарши санкциялар самарасиз экани ҳақидаги фикрлар бир неча бор айтилган. Россия президенти Владимир Путин аввалроқ Россияни жиловлаш ва заифлаштириш сиёсати Ғарбнинг узоқ муддатли стратегияси эканлигини, санкциялар эса бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берганини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, Ғарбнинг асосий мақсади миллионлаб одамлар ҳаётини ёмонлаштиришдир.