ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Фарғона вилоятида Пекин қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик академияси қошидаги илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган маккажўхори экиш йўлга қўйилади. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Пекин қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик академияси қошидаги илмий-тадқиқот маркази вакилларини қабул қилди. Учрашувда Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги соҳасида ҳамкорлик муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, илмий-тадқиқот маркази ишлаб чиқараётган уруғлар ва кўчатлар Фарғона вилояти иқлимига мос келади.
“Ҳамкорликнинг дастлабки босқичида тажриба сифатида вилоятимизда маълум бир майдонда ғалладан кейин озуқа-ем учун мўлжалланган маккажўхори ўрнига марказ томонидан ишлаб чиқилган ширин маккажўхорини экишни йўлга қўйишга келишиб олинди”, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, вилоят селекционер-олимлари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларидан иборат делегация келгуси ойда Пекинга боради. Улар маккажўхори уруғининг тажриба партиясини биргаликда тайёрлашда иштирок этади.
Хитой маккажўхоричилигида асосий ўринни эгаллаб келаётган бу уруғни ҳозир Вьетнам ва Покистонда ҳам жуда катта майдонларда экиш йўлга қўйилган.