ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммитида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турган Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро савдо ҳажми жадал суръатда ўсмоқ, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа устувор йўналишларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Тадбирларга бой маданий-гуманитар ҳамкорлик дастури рўёбга чиқарилмоқда.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этдилар.
Давлат раҳбарлари Марказий Осиё минтақасидаги йирик инфратузилма лойиҳаларини тез фурсатда бошлаш масалаларига алоҳида тўхталдилар.
Бундан ташқари, Мирзиёевнинг Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаол давом эттирилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Савдо, саноат, инновациялар, энергетика, транспорт, таълим, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳа ва дастурларни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Бўлажак тадбирлар режаси, шу жумладан,Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, 8-9 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Шавкат Мирзиёев раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн олтинчи саммити бўлиб ўтади.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига 1985 йилда асос солинган, унинг доимий фаолият юритувчи котибияти Теҳрон шаҳрида жойлашган. Ўзбекистон 1992 йилдан бошлаб ИҲТ аъзосидир.