ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) бош котиби Хусрав Нозирийни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Бирлашма доирасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ушбу кўп томонлама тузилмалар фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, савдо, транспорт, инвестициялар, инновациялар, экология, туризм соҳаларида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этди.
Бош котиб Ўзбекистон ИҲТ фаолиятида фаол иштирок этаётгани, илк бор Тошкентда “Ҳамкорликда иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт сари” шиори остида ўтказиладиган ИҲТнинг навбатдаги саммити юқори савияда тайёрлангани учун самимий миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистоннинг 2021 йилги Ашхобод саммити давомида илгари сурилган ташаббуслари изчил амалга оширилаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Учрашув чоғида ИҲТ давлатлари етакчиларининг бўлажак Тошкент йиғилиши кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.