ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг халқаро конгрессида атоқли олим Эдвард Ртвеладзе ҳаётига бағишланган китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар берди.
“Ушбу китоб ўзининг 80 ёшлик юбилейини нишонлашга ва шу муносабат билан дўстлари, шогирдлари ва ҳамкасбларини йиғишга ҳозирлик кўраётган Эдвард Васильевичнинг туғилган кунига совға сифатида мўлжалланган эди. Аммо тақдир бошқача қарор қилди. Шунинг учун совғанинг кўринишини ўзгартиришга мажбур бўлдик: юбилей совғаси унинг муборак хотирасига совға бўлди”, — дейилди тадбирда.
“Инсониятга фидокорона хизмат” номли китобда оилавий фотосуратлар, қадрдонлар, дўстлар ва ҳамкасбларнинг илиқ хотиралари; қисқача таржимаи ҳол мавжуд, алоҳида бобда олимнинг кашфиётлари ҳақида сўз боради. Эдвард Ртвеладзе Марказий Осиё ва Кавказ тарихий ўтмишининг неолит давридан тортиб то ўрта асрларнинг охиригача бўлган деярли барча даврлари билан қизиққан.
Олим 1972 йилда Амударёнинг Термиздан Келифгача бўлган йўналишини ўрганиш чоғида аниқлаган Сурхондарё вилоятидаги Кампиртепа манзилгоҳига алоҳида эътибор қаратган.
1999 йилда Ртвеладзе Тохаристон археологик экспедициясини тузган ва 2021 йилгача бу ерда икки мавсум - баҳор ва кузда қазиш ишлари олиб борган.
Эдвард Ртвеладзе ўз ҳаёти давомида Ўрта Осиёнинг улуғвор маданий ёдгорликларини ўрганишга бағишланган 30 дан ортиқ жиддий монография ва 800 дан ортиқ илмий ишлар ёзган. Сўнгги йилларда олим “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” ноёб мультимедиа лойиҳасининг илмий раҳбари бўлиб ишлаган.
Шунингдек, ушбу лойиҳанинг видеоверсиялари муаллифи Шаҳноза Ғаниеванинг айтишича, Эдвард Ртвеладзе Кушонлар империяси мероси ҳақидаги китоб-альбом муаллифи бўлган. Унинг ёрдами ва иштирокида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти тузилган.
Шунингдек, ушбу лойиҳанинг видеоверсиялари муаллифи Шаҳноза Ғаниеванинг айтишича, Эдвард Ртвеладзе Кушонлар империяси мероси ҳақидаги китоб-альбом муаллифи бўлган. Унинг ёрдами ва иштирокида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти тузилган.
Атоқли археолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ртвеладзе Эдвард Васильевич 2022 йил 10 февраль куни 80 ёшида вафот этган.