ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Жидда шаҳрида “Исломда аёллар” халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда. Унда президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси қатнашмоқда, дея хабар берди Оила ва хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати.
Делегация таркибида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева ҳам иштирок этмоқда.
“Исломда аёллар” халқаро конференцияси хотин-қизларнинг муваффақияти, тараққиётдаги роли ва ҳиссаси, жамиятдаги ўрнини таъкидлаш, исломда аёллар ҳуқуқини камситувчи шубҳа ва нотўғри қарашларга муносабат билдиришдан иборат.
Мазкур тадбирда “Жамиятда адолатни тарғиб қилиш ва аёллар имкониятини кенгайтириш бўйича ҳуқуқий ислоҳот ва сиёсий ташаббуслар бўйича йўл харитаси” ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
5 та ишчи сессияда аёлларнинг мақоми ва ҳуқуқи, таълим ва меҳнат имкониятини кенгайтириш истиқболи, замонавий жамиятда хотин-қизлар билан боғлиқ турли масалалар муҳокама қилинади.