ТОШКЕНТ, 05 ноя — Sputnik. Токио университети қошидаги зилзилаларни ўрганиш институти мутахассислари Япониянинг Ио ороли яқинида сув ости вулқонининг отилиши натижасида диаметри тахминан 100 метр бўлган янги орол пайдо бўлганини маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Қайд этилишича, 30 октябрь куни амалга оширилган ҳаво кузатувлари давомида Ио ороли ҳудудида сув ости вулқонининг отилиши тасдиқланди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, отилиш пайтида, магма океан сувларига кирганида, сув остидан улкан тошлар отилиб чиққан фреатомагматик портлаш содир бўлган.
“Портлаш содир бўлган жойдан унчалик узоқ бўлмаган жойда диаметри тахминан 100 метр бўлган янги орол топилди. Унинг юзаси вулқон жинслари билан қопланган ва унинг атрофидаги чегара сув зонаси кулранг-қаймоқ рангга эга”, — дейилади хабарда.
Шу сабабли, мутахассисларнинг фикрича, отилиш давом этар экан, оролнинг ҳажми ҳам ошиши мумкин. Ио ороли Огасавара ороллари занжирида, Токиодан минглаб километр жанубда жойлашган.