Марказий Осиёда Коррупцияга қарши конвенцияни тезлаштириш бўйича платформа ишга туширилади

БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси томонидан Марказий Осиёда Коррупцияга қарши конвенцияни жадал амалга ошириш бўйича минтақавий платформани ишга тушириш кўзда тутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Марказий Осиёда Коррупцияга қарши конвенцияни жадал амалга ошириш бўйича минтақавий платформани ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Кеча, 2 ноябрь куни, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси кўмагида ташкил этилган “Марказий Осиёда БМТ Коррупцияга қарши конвенциясининг амалга оширилишини жадаллаштириш бўйича Минтақавий конференция” бўлиб ўтди.
Унда Марказий Осиё давлатларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул давлат идоралари раҳбар ва ходимлари, халқаро ва нодавлат ташкилотларнинг етакчи экспертлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланишича, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси томонидан Марказий Осиёда Коррупцияга қарши конвенцияни жадал амалга ошириш бўйича минтақавий платформани ишга тушириш кўзда тутилмоқда.
Минтақавий платформанинг мақсади Платформа ишида иштирок этувчи мамлакатлар томонидан БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенцияси қоидаларини янада самарали амалга оширишга кўмаклашиш, бу борада минтақа мамлакатларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан иборат.