Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕОИИда ташқи электрон савдони тартибга солиш учун алоҳида орган ташкил этилди

ЕОИИда ташқи электрон савдони тартибга солиш такомиллаштирилмоқда — ЕИК.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. ЕОИИда ташқи электрон савдони такомиллаштириш мақсадида махсус орган ташкил қилинмоқда. Бу ҳақида ЕИКнинг Божхона қонунчилиги ва ижро амалиёти департаменти директори ўринбосари Татяна Дубровская Халқаро божхона форуми доирасида маълум қилди.
Мутахассис айтишига кўра, ЕОИИда хорижий онлайн платформаларда сотиб олинган товарларни божхона расмийлаштируви билан алоҳида ташкилот шуғулланади.

Янги регламент жараённи профессионаллаштиради ва якуний истеъмолчи учун қулайлик яратади. У ўз харидларини божхона расмийлаштирувидан ўтказмасдан ва ҳеч қандай қўшимча ҳаракатлар қилмасдан ўз вақтида олади. Хорижда сотиб олинган товарларни кузатиб бориш ва божхона органлари олдида жавобгарликни янги иштирокчи — Электрон савдо оператори ўз зиммасига олади. Биз оператор, божхона ва харидор ўртасида ҳамкорлик доирасини белгилаб олдик", — деди Дубровская давра суҳбатида.

Унинг сўзларига кўра, божхона органларига трансчегаравий электрон тижоратни бошқаришда савдони ривожлантиришга кўмаклашувчи, шу билан бирга, мамлакатларимиз аҳолиси ва иқтисодиёти хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлайдиган замонавий ёндашувлар зарур.
Электрон савдо оператори — ЕОИИда божхона фаолиятини тартибга солиш соҳасида янги юридик институт бўлиб, у жисмоний шахслар томонидан хорижий интернет-савдо платформаларида харид қилинадиган товарлар логистикаси, божхона декларацияси ва расмийлаштирувини комплекс таъминлайди. Электрон савдо операторини ташкил этиш ЕИК Кенгаши томонидан 2023 йил 23 июнь куни маъқулланган эди.