Транспорт вазирлари соҳада рақамли технологияларни қўллашга келишиб олди

Вазирлар халқаро юк ташиш шарт-шароитларни осонлаштириш ва транспорт хизматларини рақамлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Бугун Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) транспорт вазирлари йиғилишида соҳада рақамли технологияларни қўллашга келишиб олишди. Бу ҳақида Sputnik мухбири хабар бермоқда.
Мутахассислар фикрича, ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун ҳудудлараро транзит узелларини яратиш, транспорт ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш, транзит тарифларини оптималлаштириш, халқаро юк ташиш учун шарт-шароитларни осонлаштириш ва транспорт хизматларини рақамлаштириш масалаларига ечим топиш зарур.
Ушбу соҳада ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов қуйидагиларни таклиф қилди:
ИҲТнинг транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон ва Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой транспорт йўлакларини ривожлантириш;
Самарқанд аэропортига иштирокчи давлатлар ўртасида туризмни ривожлантириш бўйича ИҲТнинг минтақавий авиация хаби мақомини бериш;
ИҲТ мамлакатлари орқали юкларнинг транзит ташувларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мослашувчан тариф сиёсатини қўллаш ва ташиш жараёнини осонлаштириш;
E-Permit, E-TIR, E-Transit каби лойиҳалар орқали товарлар ва жўнатиш ҳужжатларини божхона расмийлаштируви тартиб-қоидалари рақамлаштирилишини амалга оширишни жадаллаштириш.
Сўз якунида Ўзбекистон транспорт вазири ИҲТга аъзо мамлакатларнинг транспорт соҳасида ҳамжиҳатлиги, шубҳасиз, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг транспорт-коммуникация алоқаларини мустаҳкамлашнинг барқарор ривожланишига хизмат қилишини таъкидлади.
Маълумот учун, бугун Ўзбекистон пойтахтида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) транспорт вазирларининг ўн иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.