Исроил-Фаластин можароси

Ўзбекистон Фаластин халқига 1,5 миллион доллар ажратади — ҳужжат

Фаластин халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 1,5 миллион доллар ажратилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Фаластин халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 1,5 миллион доллар ажратади. Бу ҳақида президент томонидан қабул қилинган тегишли қарорда назарда тутилган.
Президент Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига гуманитар ёрдам ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) томонидан олиб борилаётган Фаластин халқи учун гуманитар ёрдам кўрсатиш тадбирларини молиявий қўллаб-қувватлайди.
Шу мақсадда Агентликка гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 1,5 миллион доллар ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Фаластин халқи билан бирдам эканини қатъий билдирган эди ва унинг БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган эди.