ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Бухоро ЮНЕСКОнинг нуфузли “Ижодкор шаҳарлар тармоғи” дастурига қўшилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева маълум қилди.
Таъкидланишича, Бухоро ЮНЕСКОнинг “Ижодкор шаҳарлари тармоғи” дастурига “Амалий безак ва халқ санъати” йўналиши бўйича киритилган Марказий Осиёдаги илк шаҳар бўлди. Мазкур дастур дунёнинг жами 300 дан ортиқ шаҳарларини ўз ичига қамраб олади.
“Ушбу кўҳна шаҳарнинг тарихий ва маданий мероси жаҳон ҳамжамиятининг муносиб эътирофига сазовор бўлгани ниҳоятда муҳим воқеадир”, - дея ёзади Мирзиёева.
ЮНEСКОнинг "Ижодий шаҳарлар тармоғи" дастури 2004 йилда ташкил этилган ва ҳар икки йилда янгиланади. У ижодкорликка барқарор шаҳар ривожланиши двигатели, ижтимоий интеграция ва маданиятнинг дунёга таъсирини кенгайтириш учун сармоя киритмоқчи бўлган шаҳарлар ўртасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун мўлжалланган.
Дастур БМТ ташаббусларини, жумладан, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларини қўллаб-қувватлайди. Ҳозирда ушбу дастурга дунёнинг 300 тага яқин шаҳарлари киритилган.
Тармоққа аъзо бўлган шаҳарлар ижодкорлик ва маданий соҳаларни ривожлантириш, илғор тажрибаларни алмашиш, маданий иштирок даражасини ошириш ҳамда иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш режаларини ишлаб чиқишда маданиятни ҳисобга олиш учун ҳамкорлик қилиш ва ҳамкорликни ривожлантириш мажбуриятини зиммасига олади.