ТОШКЕНТ, 1 ноя — Sputnik. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган ШҲТга аъзо давлатларнинг Транспорт форуми доирасида ҳужжатлар имзолаш ва алмашиш маросимлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Россия транспорт вазири ўринбосари Дмитрий Зверев ва Қозоғистон транспорт вазири ўринбосари Талгат Ластаев ўртасида “Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” халқаро транспорт йўлагини яратиш ва ривожлантириш бўйича англашув меморандуми алмашилди.
Шунингдек, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Россия транспорт вазири ўринбосари Дмитрий Зверев ва Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазири Тилек Текебаев “Россия – Каспий денгизи – Туркманистон – Ўзбекистон – Қирғизистон” халқаро мультимодал транспорт коридорини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади.
Centrum Solutions МЧЖ ва Global Ports Services ўртасида ўзаро англашув меморандумини эса Centrum Holding асосчиси ва бош директори Абдулазиз Абдураҳмонов ва PSA International компаниясининг Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё бўйича минтақавий раҳбари Майк Фармосо имзолади.
Эслатиб ўтамиз, 1 ноябрь куни Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг биринчи транспорт форуми иш бошлади.