Боғчаларда хитой тилини иккинчи чет тили сифатида ўқитиш муҳокама қилинди

Хитой элчисига 2017 йилдан буён Ўзбекистонда мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида, шунингдек, ушбу жараёнларда Мактабгача таълим агентлигининг роли ва ўрни борасида маълумот берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 ноя — Sputnik. Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари – Мактабгача таълим агентлиги директори Агриппина Шин Хитойнинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Ю Жун билан учрашди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Мактабгача таълим агентлигида бўлиб ўтган учрашув давомида Хитой элчисига 2017 йилдан буён Ўзбекистонда мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида, шунингдек, ушбу жараёнларда Мактабгача таълим агентлигининг роли ва ўрни борасида маълумот берилди.
Шунингдек, Хитой томони билан аввал эришилган келишувларни янгилаш, хусусан, Тошкент шаҳридаги 2 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида хитой тилини иккинчи чет тили сифатида ўқитиш, таълим жараёнига рақамли контентни жорий этиш, дидактик материалларни ишлаб чиқишда инновацион ечимлардан фойдаланиш ва бу борадаги масалалар муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар мактабгача таълим соҳасидаги Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигини давом эттириш ва мустаҳкамлашга келишиб олишди.