Мирзиёев ёшларни турли ёлғон ташвиқотларга берилмасликка чақирди

Президент тинч ва осойишта ҳаёт, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликни барча биргаликда асраши зарурлигини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги вазият сабаб мамлакат аҳолисини турли ёлғон ташвиқотларга берилмасликка, қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этмасликка чақирди.
Президент Яқин Шарқдаги зўравонлик янада авж олаверса, бу халқаро вазиятнинг кенг миқёсда издан чиқишига, қуролли тўқнашувларга янги кучлар тортилишига олиб келиши мумкинлигини қайд этди.
“Буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақаси билан чекланмай, узоқ ўлкаларга ҳам тарқалиб кетадиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам биз ҳар икки томонни зудлик билан гуманитар мақсадларда муросага келишга, жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, низони тинчлик йўли билан ҳал этишга чақирамиз”, - деди Мирзиёев.
Давлат раҳбари Марказий Осиё минтақаси турли миллат ва конфессиялар вакилларининг ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириши бўйича ноёб тажрибага эга эканини таъкидлади. Бу заминда асрлар давомида мусулмон, христиан ва яҳудийлар дўстлик ва ҳамжиҳатликда ёнма-ён яшаб келяпти.
“Мен бугунги фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизга, аввало, ёшларимизга мурожаат қилиб, уларни турли ёлғон ташвиқотларга берилмасликка, қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этмасликка чақираман. Бизнинг энг катта кучимиз, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинч ва осойишта ҳаётимизни, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатлигимизни барчамиз биргаликда асрашимиз зарур", - деди Ўзбекистон етакчиси.
Исроил-Фаластин можароси
Ўзбекистон Фаластиннинг мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди – Мирзиёев