ТОШКЕНТ, 31 окт — Sputnik. Исроилда 10,5 мингдан зиёд ўзбекистонлик яшайди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоев маълум қилди.
“Биздаги маълумотларга кўра, Исроилда 10,5 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқаролари яшайди. Уларнинг аксарияти Самарқанд вилоятидан. Фуқароларимизнинг 95 фоиздан ортиғи Исроилдаги қарияларга хизмат кўрсатади”, - деди Аълоев Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг йиғилишида.
Унинг сўзларига кўра, Фаластин-Исроил можароси бошлангандан бери Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси у ердаги фуқаролар билан доимий алоқада бўлиб турибди. Исроилда таҳсил олаётган 70 нафар талаба ватанга қайтарилди. Самарқанд давлат университетидан борган 6 нафар талаба қайтишни хоҳламаган. Ҳозир улар билан ҳам ишлар олиб бориляпти, имкон бўлса, улар ҳам қайтарилади.
“Биз дипломатларимизнинг оилаларини ҳам Ўзбекистонга қайтардик. Ҳозир 5 нафар дипломатимиз ўз фаолиятини олиб боряпти. Фаластинда эса қанча ўзбекистонлик борлиги ҳақида бизда аниқ маълумот йўқ. Баъзи биздаги маълумотларга таяниб айтишим мумкинки, у ерга турмушга чиққан баъзи аёлларимиз бўлиши мумкин”, - деди вазир ўринбосари.