ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. Тошкентда "Craft fair Uzbekistan 2023" II Халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ва технологиялари ярмаркаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда "Ҳунарманд" уюшмаси хабар берди.
Ярмарка 15–17 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” 3-павильонида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига хос бўлган каштачилик, кулолчилик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги, гиламчилик, миллий матолар, миниатюра маҳсулотлари намойиш этилади.
“Ярмаркада 200 нафар маҳаллий, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Ҳиндистон, Афғонистон каби давлатлардан 40 нафар хорижий ҳунарманд иштирок этиши кутилмоқда”, — дейилади хабарда.
Ярмаркада ҳунармандлар томонидан маҳорат дарслари, лойдан кўза ясаш, ипакдан мато тўқиш, дўппига нақш бериш ҳамда бешик ясаш жараёнлари ҳам ташкил этилади.