ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. Ўзбекистон шаҳарларини “Ипак йўли” шаҳарлари халқаро туризм алянсига аъзо қилиш таклиф этилди. Бу ҳақида Туризм қўмитаси хабар берди.
Хитой Халқ Республикаси Маданият ва туризм вазири Ху Хэпин, БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Зураб Пололикашвили ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ўртасида учрашув ташкил этилди.
“Хитой томони республика ҳудудий аэропортларини давлат хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилиш лойиҳаларига таклиф этилди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Туризм қўмитаси делегациясинг Хитойга ташрифини амалга ошириб, туризм соҳасида Хитой тажрибаси ўрганилади.
“2030 йилга қадар туризмни ривожлантириш стратегияси учун асосли таклиф ва лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишилди”, — дейилган хабарда.
Хэпин хитойлик туристлар орасида энг оммабоб туризм йўналишлари сифатида Ўзбекистонда яшил ва экотуризм, интеллектуал туризм, маданий туризм имкониятларини кенгроқ тарғиб этишни таклиф қилди.
Шунингдек, ўзаро ҳамкорликда хитой сайёҳлари учун махсус туристик маҳсулотлар ва йўналишларни ишлаб чиқиш, кадрларни тайёрлаш, гидларни ўқитиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканлигини билдирди.
Пололикашвили Самарқанд шаҳрида очилган UNWTO Халқаро туризм академиясига ХХР ўқитувчи ва мутухассисларини таклиф қилиш учун уч томонлама ҳамкорлик ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, Самарқандда янги ташкил этилган UNWTO тематик офисига “Ипак йўлида туризм” бўйича Хитойдан етакчи экспертларни жалб қилган ҳолда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, Ўзбекистон шаҳарларини “Ипак йўли” шаҳарлари халқаро туризм алянсига аъзо қилишни таклиф этди.
Учрашув якунида томонлар 2024 йилда мазкур форматдаги уч томонлама учрашувни Хитойда ҳам ташкил этишга келишиб олишди.