Ўзбекистондаги барча туман ва шаҳар шифохоналари стационар маммографлар билан таъминланади

“FUJIFILM Healthcare Turkey” президенти билан Ўзбекистондаги барча туман ва шаҳар тиббиёт шифохоналарини компания томонидан ишлаб чиқарилган стационар маммографлар билан таъминлаш юзасидан келишувга эришилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Тошкентда “FUJIFILM Healthcare Turkey” компанияси президенти Кентаро Со бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқот аввалида дунёга машҳур ушбу компаниянинг энг сўнгги русумдаги маммография, магнит-резонанс томография, компьютер томографияси каби тиббий технологиялари имкониятларини акс эттирувчи тақдимот ўтказилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилишда бундай инновацион диагностика воситаларига эҳтиёж катта.
“Масалан, кўкрак бези саратони Ер юзида бевақт ҳаётдан кўз юмиш ҳолатларининг энг кенг тарқалган иккинчи омилидир. Бу касаллик аёллар ўлими сабаблари орасида биринчи ўринни эгаллайди”, - дейилади хабарда.
Мулоқот якунида “FUJIFILM Healthcare Turkey” президенти билан Ўзбекистондаги барча туман ва шаҳар тиббиёт шифохоналарини компания томонидан ишлаб чиқарилган стационар маммографлар билан таъминлаш юзасидан келишувга эришилди.