ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотида (ШҲТ) сунъий интеллект ва роботлаштиришни ривожлантиришни таклиф қилди. Бу таклифни мамлакат бош вазири Абдулла Арипов Бишкек шаҳридаги ШҲТ ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлисида билдирди.
“Инновацион ривожланиш, роботлаштириш ва рақамлаштириш, сунъий интеллект, биотехнология, фармацевтика ва келажакнинг бошқа соҳаларини қамраб олувчи ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқоти дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни бошлашни таклиф қиламиз”, - деди Арипов.
Эслатиб ўтамиз, бугун Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳукумат раҳбарларининг йиғилишлари бошланди.
Унда Ўзбекистон, Қирғизистон, Беларусь, Қозоғистон, Хитой, Мўғулистон, Россия, Тожикистон ҳукумат раҳбарлари, Эрон вице-президенти, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, Ҳиндистон ва Покистон ташқи ишлар вазирлари ва бошқа расмийлар иштирок этмоқда.