ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Депутатлар қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига Иброҳим Абдураҳмоновнинг номзодини маъқуллашди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига Иброҳим Абдураҳмонов номзодини кўриб чиқдилар.
Мажлисда Абдураҳмонов қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида келгусида амалга ошириладиган ишлари бўйича ўз ҳаракатлар дастури ҳақида ахборот берди.
"Депутатлар Иброҳим Абдураҳмонов номзодини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига маъқулладилар", - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятида ўтган йиғилишда Иброҳим Абдураҳмонов қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинланиши эълон қилинган эди.
Бунга қадар Абдураҳмонов Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири лавозимида ишлаб келаётган эди.