ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Бу йил вабо эпидемияси авж олган мамлакатлар сони 31 тага етди. Бу ҳақида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига таянган ҳолда хабар бермоқда.
ЖССТнинг навбатдаги ҳисоботига кўра, шу йил бошидан буён 31 мамлакатда вабо эпидемияси қайд этилди.
“Кўрсаткичлар йил сайин ошиб бораётгани хавотирли. Масалан, ўтган йили вабога чалиниш ҳолатлари 2021 йилга нисбатан икки баравар кўпайган эди. Бу йил эса вазият янада ёмон", — дейди ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус.
Ҳозир эпидемия ўчоқларининг катта қисми Африка мамлакатлари ҳудудига тўғри келади. Халқаро экспертларнинг прогноз қилишича, келгусида йиллик касалланишлар сони 1,3 миллиондан 4 миллионга етиши мумкин.