Ўзбекистонда вабо қайд этилмаган — хорижга чиқувчилар нималарга эътибор қаратиши керак?
11:35 25.03.2023 (янгиланди: 12:37 25.03.2023)
© Sputnik / Алексей ФилипповПассажирка с чемоданами в аэропорту
© Sputnik / Алексей Филиппов
Oбуна бўлиш
Саёҳат қилишни режалаштираётган ўзбекистонликлардан бир қатор тавсияларга эътибор қаратиш сўралмоқда.
ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Ер юзида вабо касаллигининг тарқалиш хавфи жуда юқори, лекин Ўзбекистон ҳудудида вабо қайд этилмаган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси хабар берди.
Ўзбекистон ҳудудига 2023 йилда карантин ва ўта хавфли юқумли касалликларни чет давлатлардан кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалиш ҳолатлари кузатилмади.
“Ҳозирда мамлакат ҳудудига касалликларни четдан кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларини кесишиш жойларида 48 та санитария – карантин пунктлари фаолият олиб бормоқда”, - дейди қўмита бошқарма бошлиғи Рустамжон Икромов.
Хабарда саёҳат қилишни режалаштираётган аҳолидан бир қатор тавсияларга эътибор қаратиш сўралмоқда.
Хорижга чиқмоқчи бўлганлар учун тавсиялар:
Юқумли ва паразитар касалликларнинг олдини олиш учун инфекцияни ва касалликнинг кейинги ривожланишини олдини олиш учун эҳтиёт чораларини кўриш;
фақат ишончингиз комил бўлган овқатни истеъмол қилиш;
фақат кафолатланган хавфсиз сув ва ичимликлар (ичимлик суви ва завод қадоқидаги ичимликлар, қайнатилган сув) ичиш. Хом сувдан тайёрланган музларни истеъмол қилмаслик;
гўшт, балиқ, денгиз маҳсулотларини термик ишловдан сўнг истеъмол қилиш;
озиқ-овқат маҳсулотларига зарурат туғилганда фақат ихтисослаштирилган дўконлар ёки завод қадоқларидаги маҳсулотларни сотиб олиш;
мева ва сабзавотларни хавфсиз сув билан ювиб, қайноқ сув билан чайиш;
овқатланишдан олдин ҳар доим қўлни совун билан яхшилаб ювиш;
сув ҳавзалари ва ҳовузларда чўмилиш ёки сузиш жараёнларида оғиз бўшлиғига сув киришига йўл қўймаслик;
турғун ва секин оқадиган сув ҳавзаларида чўмилмаслик, бу соғлиқ учун ўта хавфли ҳисобланади.
Шунингдек, иложи борича маҳаллий умумий овқатланиш корхоналари хизматларидан фойдаланмаслик ва нотаниш егуликларни татиб кўрмаслик, бозор ва расталардан ишлаб чиқарилиши нўмалум бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилмаслик, уй шароитида тайёрланган ноз-неъматларни истеъмол қилмаслик тавсия этилади.
Маълумот учун, аввалроқ ЖССТ томонидан яна тўрт мамлакатда вабо эпидемияси қайд этилгани, Ер юзида вабо касаллигининг тарқалиш хавфи жуда юқорилиги маълум қилинди. Унга кўра, 2023 йил бошидан буён дунёнинг 26 давлатида вабо касаллиги қайд этилган. Касалланганларнинг сони 25,9 мингдан ортиқ кишини ташкил этган бўлса, уларнинг 735 нафари ўлим билан якунланган.
Шунингдек, 129 мингдан ортиқ киши вабога касаллигига шубҳа қилинган. Касаллик энг кўп Африка қитъаси давлатларида (23 мингдан ортиқ) рўйхатга олинган.
Конго Демократик Республикаси -11,1 минг;
Нигерияда - 5 мингдан ортиқ;
Сомали - 1,6 минг;
Кения - 1,1 минг киши.
Қайд этилишича, аҳолини тоза ва сифатли ичимлик суви билан етарлича таъминланмаганлиги эпидемик вазиятни мураккаблаштирмоқда.