Москвада Ўзбекистон ёшлари иштирокида “Халқлар дўстлиги” форуми бўлиб ўтди — фото

Тадбирда маърузачилар чиқишлари, миллий маданиятлар кўргазмаси, миллий таомлар дегустацияси ва концерт намойиш этилди.
Sputnik
ТОШКEНТ, 25 окт – Sputnik. Москва давлат лингвистика университетида (МГЛУ) “Халқлар дўстлиги” III Халқаро ёшлар форуми бўлиб ўтди. Тадбир МГЛУ ва Россиядаги Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси томонидан ташкил этилди.

“Бугунги тадбирдан кўзланган мақсад Марказий Осиё ва Россия Федерацияси ёшлар ташкилотлари ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш. Бундай йирик форумларни тез-тез ташкил этиб турсак, ўйлайманки, биз янада яқинлашиб, биродарлик алоқаларини давом эттирамиз. Барчамиз яхши биламизки, ҳозир ҳамма нарса дунёда кескин ўзгармоқда ва мен барча давлатлар бир-бирини қўллаб-қувватлашини ва ҳурмат қилишини истардим”, - деди ассоциациянинг Москва ва Москва вилоятидаги бош координатори Давлатжон Тожибоев Sputnik мухбирига.

Форумда Россия ТИВ Ёш дипломатлар кенгаши раҳбари Константин Колпаков, Россия Халқлар палатаси директори маслаҳатчиси Меҳрибон Содиқова, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон дипломатик ваколатхоналари ходимлари, ёшлар ташкилотлари аъзолари ва Марказий Осиё мамлакатлари миллий диаспоралари иштирок этди.
Форум доирасида ялпи мажлис, шунингдек, “Оммавий дипломатия/ёш тадбиркорлар” муҳокамаси бўлиб ўтди. Бундан ташқари, тадбир меҳмонлари учун анъанавий Осиё таомларидан татиб кўриш, турли мамлакатлар миллий маданиятлари кўргазмаси, маҳорат сабоқлари ва концерт дастури намойиш этилди.