Кибермакондаги жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилади

шахсларнинг фотосурати, овози ва бошқа биометрик маълумотларини махсус дастурлар ёрдамида сохталаштириш учун жавобгарлик кучайтирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Ўзбекистонда кибермакондаги жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар берди.
Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлисида Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, кейинги пайтларда Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда бир қатор шахсларнинг мобил қурилмаларини ҳамда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги аккаунт ёки каналларини зарарли дастур юбориш йўли билан блоклаб (тўсиб) қўйиш, маълумотларини ўчириб юбориш, ўзгартириш ёки олиб қўйиш билан қўрқитиб, пул ёки бошқа моддий манфаатдорлик талаб қилиш ҳолатлари рўй бермоқда.
Кибермаконда шахсларнинг фотосурати, овози ва бошқа биометрик маълумотларини махсус дастурлар ёрдамида сохталаштириш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Содир этилган бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шу билан бирга, крипто-активларни ноқонуний айланмаси, хусусан ноқонуний майнинг фаолияти учун жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.