Магнит бўронлари таъсиридан қандай ҳимояланиш керак – мутахассис жавоби

Магнит бўронларининг инсонга таъсири камайиши учун енгил егуликлар, мева ва сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилади. Кунлик таомномада туз миқдорини камайтириш керак.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Сўнгги пайтларда бутун дунё бўйлаб, жумладан, Ўзбекистонда магнит бўронлари тез-тез содир бўлмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, магнит бўронларини асосан юрак-қон томир, асаб тизими касалликлари, қандли диабет ва бронхиал астмаси бор беморлар кўпроқ ҳис этади.
Магнит бўронининг салбий таъсиридан қандай ҳимояланиш лозим? Sputnik мухбири шу ва бошқа саволлар билан олий тоифали шифокор Раъно Носировага мурожаат қилди.
Носированинг сўзларига кўра, магнит бўронлари сурункали хасталиклар билан азият чекадиган инсонларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

“Артериал гипертония хасталиги бор инсонларда қон босими кўтарилади. Гипотензив беморларнинг қон босими аксинча пасаяди. Қандли диабети бор кишиларнинг қонида қанд миқдори ортади. Тананинг стрессларга чидамлилиги пасаяди. Натижада асаб тизимида муаммоси бор инсонларда асабийлик, ҳолсизлик, реакция сусайиши ёки кучайиши белгилари юзага келади”, — деди шифокор.

Шунингдек, айримларда ёруғлик ва баланд товушларга оғриқли реакция, уйқусизлик ёки аксинча уйқучанлик пайдо бўлади.
Салбий таъсирларидан ҳимояланиш учун тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилиш керак. Бунда оғир таомлардан тийилиш тавсия этилади. Енгил егуликлар, хусусан, қайнатилган овқатлар, ҳўл мева ва сабзавотлар истеъмол қилиш керак.

“Таомларга қўшиладиган туз миқдори, жисмоний меҳнатни ҳам камайтириш лозим. Шунингдек, ақлий зўриқишлардан тийилиш, спиртли ва энергетик ичимликлардан мутлақо воз кечган маъқул”, — дея тавсия қилди мутахассис.

Таъкидланишича, тез-тез илиқ душ қабул қилиш ҳам магнит бўронининг салбий таъсирини енгишда қўл келади.
Сурункали касалликларга чалинган инсонларнинг ёнида керакли дори-дармонларн бўлиши лозим. Улар ҳар бир препаратни шифокор назоратида қабул қилиши ва қон босимини тез-тез назорат қилиб туриш керак.
Кузда қуёш фаоллиги ошиши кутилмоқда
Магнит бўрони - нималарга эътибор бериш керак