ТОШКЕНТ, 22 окт — Sputnik. Ўзбекистон бўйича энг кўп сабзавотлар деҳқон ва томорқа хўжаликларида етиштирилмоқда, дея хабар берди Статистика агентлиги.
Шу йилнинг 1 июль ҳолатига республика бўйича сабзавотлар экилган майдон 245,1 минг гектарни ташкил этди.
Хўжалик тоифалари бўйича таҳлил қилинганда, экилган сабзавотлар умумий майдонининг 24,6 % фермер хўжаликларига, 70,9 % деҳқон ва томорқа хўжаликларига, 4,5 % қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларга тўғри келган.
Республика бўйича картошка экилган майдони 114,4 минг гектарни ташкил этди. Экилган картошка умумий майдонининг 22,3 % фермер хўжаликларига, 74,4 % деҳқон ва томорқа хўжаликларига, 3,3 % қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларга тўғри келган.
Шунингдек, республика бўйича жами донли экинлар экилган майдони 1 546,3 минг гектарни ташкил этди. Экилган дон экинлари умумий майдонининг 74,7 % фермер хўжаликларига, 10,0 % деҳқон ва томорқа хўжаликларига, 15,3 % қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларга тегишли.
Январь - июнь ойларида республика бўйича жами 1 020,0 минг тонна мева ва резаворлар етиштирилиб, ушбу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 5,0 % га кўп.
Етиштирилган мева ва резаворлар умумий ҳажмининг 61,9 % деҳқон ва томорқа хўжаликларига, 36,8 % фермер хўжаликларига ва 1,3 % қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ҳиссасига тўғри келган.
2023 йилнинг биринчи 6 ойи давомида республика бўйича жами 243,2 минг тонна полиз экинлари етиштирилди. У ушбу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 %га ўсиш қайд этилган.
Хўжалик тоифалари бўйича етиштирилган полиз экинлари умумий ҳажмининг энг катта қисми деҳқон ва томорқа хўжаликлари (55,3 %), фермер хўжаликлари (40,8 %) ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларга (3,9 %) тўғри келади.