ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Эртага Хитойнинг Ханжчоу шаҳрида IV Параосиё ўйинлари бошланади. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Ўзбекистон делегацияси мусобақага жўнаб кетиши олдидан Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти О.Умаров, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосарлари - Ш.Маҳмудов ва М.Исмоилов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби О.Касимов, қўмита раиси ўринбосарлари – А.Камилов ҳамда Ш.Ташматовлар Миллий паралимпия қўмитасига ташриф буюришди. Уларни Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти – Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси М.Ташходжаев кутиб олди.
Тантанали кузатиш тадбири олдидан Ўзбекистон делегациясининг ушбу комплекс мусобақага кўрган тайёргарлиги, кутилаётган натижаларга бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.
Параосиё ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегацияси бугун Ханчжоуга етиб борди. Маълумот учун, бу галги мусобақада Ўзбекистон делегацияси 11 спорт турида 108 нафар параатлет билан иштирок этади.