“Silk Avia”нинг 100 фоиз улуши "Uzbekistan Helicopters" устав капиталига ўтказилди

“Uzbekistan Helicopters” зиммасига маҳаллий авиақатновларнинг сонини ошириш вазифаси юкланмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. “Silk Avia” авиакомпаниясининг 100 фоиз улуши "Uzbekistan Helicopters" устав капиталига ўтказилди. Бу ҳақида президент томонидан қабул қилинган ПҚ-337 сонли қарорда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, “Silk Avia” МЧЖ устав капиталидаги “Uzbekistan Airports” АЖнинг 100 фоиз улушини унинг брендини сақлаб қолган ҳолда “Uzbekistan Airways” АЖ таркибидаги “Uzbekistan Helicopters” МЧЖ устав капиталига ўтказилади.
“Uzbekistan Аirports”нинг 3 та “АТR72-600” русумли ҳаво кемаси “Silk Avia”га беғараз берилади. “Silk Avia” фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш доирасида “АТR72-600” русумли ҳаво кемалари сони оширилади.
“Uzbekistan Airways” таркибидаги “Uzbekistan Helicopters” зиммасига маҳаллий авиақатновларнинг сонини ошириш вазифаси юкланмоқда. Шунингдек, ҳужжат билан парвозлар географиясини кенгайтириш, янги йўналишларни йўлга қўйиш ҳамда “АТR72-600” русумли ҳаво кемалари паркини ривожлантириши ҳам белгиланди.
Маълумот учун, "Uzbekistan Helicopters" Ўзбекистон президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Ҳозирда “Uzbekistan Helicopters” маҳаллий йўналишларда парвозлар, юк транспорти, аэрофотога парвозлар, ташқи суспензия, тоғ чанғиси, қишлоқ хўжалиги ерлари устидан ўтиш каби хизматларни таклиф этади.