Ўзбекистонлик шифокорлар Самарада малака оширади

Келгуси йили 20 нафар ўзбекистонлик шифокорни малака ошириш учун Самара давлат тиббиёт университетининг Нейропсихиатрия халқаро илмий-таълим марказига юбориш бўйича келишувга эришилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Ўзбекистонлик шифокорлар Самара давлат тиббиёт университетининг халқаро марказида малака оширади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Айни кунларда Тошкентда “Нeйропсихиатрияда диагностика ва даволашнинг инновацион ёндашувлари: аҳолининг заиф қатламларига эътибор ва профeссионал ҳамкорликнинг афзалликлари” халқаро илмий-таълим лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида ташкил этилган ўқув курсларининг очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова, тиббиёт олийгоҳлари, ҳудудий тиббиёт муассасалари масъуллари, психиатрия соҳасидаги етакчи олим ва экспертлар ҳамда Россия Федерациясининг Самара давлат тиббиёт университети вакиллари иштирок этди.
Лойиҳа Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан Ўзбекистон психиатрлар ассоциацияси ва Самара давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳа замонавий психиатрия, наркология, психофармакотерапия, психотерапия, тиббий психология, психиатрия ва наркологик ёрдамни ташкил этишнинг долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашишга қаратилган.
Тадбирда Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази ва Самара давлат тиббиёт университети ўртасида психиатрия ва наркологик ёрдам, биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, маҳорат дарслари ва анжуманлар ташкил этиш, телемедицина каби йўналишларда ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича битим имзоланди.
Шунингдек, келгуси йили 20 нафар ўзбекистонлик шифокорни малака ошириш учун Самара давлат тиббиёт университетининг Нейропсихиатрия халқаро илмий-таълим марказига юбориш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, 21 октябрга қадар давом этадиган ушбу лойиҳа якунида энг фаол уч нафар қатнашчи 2024 йилда Самарқанддаги Психиатрия мактабида ўқиш учун грант олиш имкониятига эга бўлади.