Эрон Ўзбекистонга виза режимини бекор қилишни таклиф қилди

Туризмни ривожлантиришда Туркманистон билан ҳам ҳамкорлик қилиш таклиф қилинмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Эрон Ўзбекистонга виза режимини бекор қилиш тўғрисида битим тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда “Teheran Times” хабар бермоқда.
18 октябрь куни Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Самарқандда Эрон туризм вазири Иззатулло Зарғамий билан икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилган. Хусусан, Эрон вазири мамлакатлар ўртасидаги виза режимини бекор қилишни таклиф қилган.

“Мен Бухорога борганимда бу икки халқ нақадар бир-бирига яқинлигини ҳис этдим. Биз ўзбекистонлик сайёҳларнинг Эронга келишини қўллаб-қувватлаймиз. Шунингдек, биз хорижга чиқмоқчи бўлган эронлик сайёҳлар Ўзбекистонга боришни афзал билишлари керак деб ҳисоблаймиз”, - деди Зарғамий.

Туризмни ривожлантиришда Туркманистон билан ҳам ҳамкорлик қилиш таклиф қилинмоқда.
Эрон 60 та мамлакат фуқаролари учун виза режимини осонлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябрида Ўзбекистон ва Эрон туристик гуруҳлар, ишбилармон ва илмий доиралар вакиллари учун виза беришнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилган эди.