Ўзбекистон ва Татаристон ишбилармонлар бизнес-форуми ўтказилмоқда — тафсилотлар

Россия корхоналари Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, жумладан, "Чирчиқ" ва "Жиззах" технопаркларида ишлаш имкониятлари билан танишади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 окт — Sputnik. Кеча, 17 октябрь куни Ўзбекистон ва Россия ишбилармонлари учун бизнес-форум бошланди. Биринчи кун “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркида бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда технопарк матбуот хизмати.

Тадбирда Татаристон бош вазирининг ўринбосари-саноат ва савдо вазири Олег Коробченко бошчилидаги делегация иштирок этди. Делегация аъзолари қаторида Россиядан 30 нафар тадбиркор ҳам қатнашди.

Бизнес-форум давомида Чирчиқ шаҳри ҳақида тақдимот ўтказилди, шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш тажрибаси хақида, Тошкент кимё ва технология илмий-тадқиқот институтининг янги ишланмалари тўғрисида сўз юритилди.
17-19 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган бизнес-форум доирасида "Чирчиқ" ва "Жиззах" кимё-индустриал технопарклари фаолияти, хорижий инвесторлар учун тақдимотлар, road-show, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилади. Шунингдек, “Жиззах” технопарки тақдимоти бўлиб ўтади.
Россия корхоналари Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, жумладан, "Чирчиқ" ва "Жиззах" технопаркларида ишлаш имкониятлари билан танишади. Бизнес миссияси дастури технопаркларга ташриф буюриш, бизнес-форум ва B2B учрашувларини ўтказишни ўз ичига олади.