ОКМК ва Хитой компанияси ўртасида келишув имзоланди

Келишувга кўра, ОКМК ва “Amer International” компанияси ҳамкорлигида мис саноати кластерини ривожлантириш ва юқори қўшимча қийматга эга янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга амалий ташрифи давомида кеча, 17 октябрь куни, “Бир макон, бир йўл” халқаро форуми доирасида Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) ва Хитойнинг “Amer International” компанияси билан келишув имзоланди. Бу ҳақда ОКМК ахборот хизмати хабар берди.
Келишувга кўра, ОКМК ва “Amer International” компанияси ҳамкорлигида мис саноати кластерини ривожлантириш ва юқори қўшимча қийматга эга янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Маълумот учун, “Amer International” компанияси Хитойнинг топ-5 энг йирик хусусий компаниялари рўйхатига киради. Ушбу компания йилига 250 минг тоннадан зиёд мис катанкаси, кабеллар, ҳар хил турдаги рангли ва қимматбаҳо металлар, шунингдек, ярим ўтказгичлар ва композит материаллар ишлаб чиқаради. Компаниянинг йиллик соф даромади 2 млрд долларни ташкил этиб, унда 20 мингдан ортиқ ходимлар меҳнат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев кеча, 17 октябрь куни, Пекин шаҳрига амалий ташриф доирасида ўзига ажратилган қароргоҳда “Amer International” индустриал-саноат холдинги раиси Ван Вэньинни қабул қилганди.