Мирзиёев Ўзбекистонда олимпия шаҳарчаси қуришда қатнашаётган компания раиси билан учрашди

Давлат раҳбари қўшма лойиҳалар ва эришилган келишувларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилишга топшириқ берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 октябрь куни, Пекин шаҳрида "China CAMC Engineering" компанияси раиси Ван Бони қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
"CAMCE" Хитойнинг инжиниринг хизматларини кўрсатувчи ҳамда саноат ва инфратузилма соҳаларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи етакчи корпорациясидир.
Компания Ўзбекистонда катта иш тажрибасига эга. Бугунги кунда "CAMCE" 2025 йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига тайёргарлик доирасида олимпия шаҳарчаси қурилишида иштирок этмоқда.
Учрашувда қўшма лойиҳаларни кўпайтиришнинг амалий жиҳатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳудудларида гидротехник иншоотлар ва Янги Тошкентда замонавий инфратузилмани барпо этиш, илғор агротехнологияларни жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари қўшма лойиҳалар ва эришилган келишувларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилишга топшириқ берди.