ТОШКЕНТ, 18 окт — Sputnik. “Туркиядан кет, Америка қотил!” Шундай шиорлар билан турклар АҚШнинг Истанбулдаги консуллиги биноси яқинида норозилик намойишини уюштирди.
РИА Новостининг ёзишича, намойишга минглаб Истанбул аҳолиси чиққан. Америка дипломатик миссияси биноси олдидаги кўча машиналар ҳаракати учун ёпилган. Одамлар Туркия ва Фаластин байроқларини кўтариб олишган.
Намойишчилар Исроил ва АҚШни лаънатлаган. Ғазода гуманитар йўлак очишларини ва ҳатто фаластинликларга ёрдам учун Туркия қўшинларини киритишни талаб қилишган.
Полиция консулхона биносига яқинлашиб келётган оломонга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатишга мажбур бўлган.
Норозилик намойишлари Туркиянинг бошқа шаҳарлари ва Яқин Шарқдаги кўплаб мамлакатларда бўлиб ўтмоқда.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, касалхонага уюштирилган ҳужум оқибатида 471 киши ҳалок бўлган, 300 нафардан зиёд киши жабрланган. Уларнинг аксарияти аёллар ва болалар.
Ҳодиса жойида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Шу боис қурбонлар сони зиёд бўлиши мумкин.
Ғазо секторидаги “Ал-Аҳли” касалхонасига 17 октябрь куни ҳужум уюштирилди. Фаластин Исроил самолётлари зарба берганини маълум қилди, Исроил эса касалхонага “Ислом жиҳоди” гуруҳи ракетаси келиб тушганини маълум қилди.
Қатор мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон Фаластиндаги шифохонага ҳужум уюштирилганини қоралади.
“Бу даҳшатли зўравонлик ҳаракатини кескин қоралаймиз ва буни халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб ҳисоблаймиз”, - дея баёнот берди мамлакат ТИВ.