ЮНВТО Бош Ассамблеяси: Мирзиёев қандай таклифларни билдирди

Ўзбекистон президенти, жумладан, БМТ доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеяси 25-сессиясида нутқ сўзлаб, қатор таклифларни билдирди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Ўзбекистон етакчиси билдирган таклифлар:
БМТ доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқиш;
“яшил” туризмни ривожлантириш бўйича халқаро Ҳаракатлар дастурини қабул қилиш;
ЮНВТОнинг “яшил” туризмни жорий этиш бўйича энг яхши шаҳар” номинациясини таъсис этиш;
ташкилот доирасида 2025 йилни “Бутун жаҳон инклюзив туризм йили” деб эълон қилиш ва махсус декларация қабул қилиш;
ташкилот ҳузурида Сайёҳлик бўйича тарихий шаҳарлар кенгашини тузиш;
“Ипак йўли” брендини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ташкилотнинг махсус халқаро мукофотини таъсис этиш;
етакчи оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва энг яхши саёҳат блогерларини ўзида бирлаштирадиган Глобал медиа кампусинини ташкил этиш.
Сиз, азизлар, Самарқандни “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” деб эълон қилиш ва тегишли декларацияни қабул қилишга доир ташаббусимизни қўллаб-қувватлайсиз, деб ишонаман. Бу юксак мақом асрлар бўйи ўз таровати ва беқиёс меросини безавол сақлаб келаётган, бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги билан бутун дунёда шуҳрат қозонган Самарқанднинг мўътабар номига ҳар томонлама муносиб бўлар эди”, - деди Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари Самарқанддаги Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида қабул қилинадиган ҳужжатлар ва келишувлар глобал туризм индустриясининг жадал ривожланишига салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Бош Ассамблея сессияси доирасида ўтказиладиган инвестиция ва таълим форумлари жаҳоннинг барча туроператорлари, олийгоҳлар ва йирик компанияларнинг ўзаро мулоқоти учун самарали майдон бўлади.
Ўзбекистон ва ЮНВТО “йўл харитаси”ни қабул қилади