ТОШКЕНТ, 16 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни Си Цзиньпин таклифига биноан амалий ташриф билан Хитойга жўнаб кетди.
"Ташриф дастурига мувофиқ, давлатимиз раҳбари Пекин шаҳрида “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форумида иштирок этади. Шунингдек, ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши раиси Ван Хунин билан музокаралар, бошқа икки томонлама учрашувлар ўтказиш режалаштирилган", - дейилади расмий хабарда.
Олдин хабар берилганидек, Хитойда 17-18 октябрь кунлари "Бир макон, бир йўл" учинчи халқаро форуми бўлиб ўтади. Унда ўтган 10 йиллик даврда эришилган асосий натижалар сарҳисоб қилинади, келгуси ҳамкорликнинг янги вазифалари белгилаб олинади.
Саммит кун тартибида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, “яшил” тараққиёт, рақамлаштириш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ўрин олган.