ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Бишкек шаҳрига келди.
Аэропортда олий мартабали меҳмонни Қирғиз республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Саммит тадбирлари давомида МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, инновациялар, рақамлаштириш, транспорт, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилади.
Давлат раҳбарлари халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашишади.
Президентлар кеча, пайшанба куни Бишкекка кела бошлаган: Владимир Путин, Илҳом Алиев, Александр Лукашенко ва Сердар Бердимуҳамедов, Эмомали Раҳмон.
МДҲ саммити бугун, 13 октябрь куни, бўлиб ўтади.