Нукусда математика фани бўйича халқаро олимпиада ўтказилади

Нукус шаҳрида 23–29 октябрь кунлари математика фани бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ўтказилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. Нукус шаҳрида математика фани бўйича халқаро олимпиада ўтказилади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Нукус шаҳрида 23–29 октябрь кунлари математика фани бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ўтказилади.
Ҳакамлар ҳайъати математика фанидан дунёнинг таниқли халқаро даражадаги экспертлари, МДҲ давлатларининг профессор-ўқитувчилари ва Ўзбекистоннинг тажрибали профессор олимлари, маҳоратли амалиётчи ўқитувчиларидан ташкил топади.
“Олимпиада ғолибларига (Ўзбекистон фуқаролари) математика, физика, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича магистратура босқичига квотадан ташқари давлат гранти асосида кириш ҳуқуқи берилади”, — дейилади хабарда.
Мазкур ҳуқуқ бакалавр босқичини битиргандан кейин 3 йил мобайнида сақлаб қолинади.
Маълумот учун, мазкур халқаро олимпиадани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад буюк алломанинг жаҳон илм-фани ва сивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш. Қолаверса, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларни фундаментал ва аниқ фанлар билан шуғулланишга кенг жалб этиш ҳамда илм-фан йўлида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.