ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. Фарғона вилоятида “Фарғона – Лоян археологик тадқиқот маркази”ни очиш режалаштирилмоқда, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг Лоян археологик тадқиқотлар институти раҳбари, профессор Ли Ёнг Киан бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Фарғона давлат университети ҳамда Лоян археологик тадқиқотлар институти ўртасида археология соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш масаласи муҳокама қилинди.
Ҳамкорликда қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилмоқда:
Университети билан ҳамкорлик доирасида “Фарғона – Лоян археологик тадқиқот маркази”ни очиш;
Ташкил этилаётган илмий марказнинг бош тадқиқот объекти ҳисобланган “Қува шаҳристони” ёдгорлигида ҳамкорликда қазилма ишлари олиб бориш;
Археология йўналиши талабалари ҳамда профессор-ўқитувчиларини Лоян институтида амалиёт ўташлари ҳамда малака оширишларини йўлга қўйиш.
“Вилоят раҳбари Фарғона давлат университети ҳамда Лоян археологик тадқиқотлар институтининг ҳамкорлик режаларини қўллаб-қувватлади”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Лоян археологик тадқиқотлар институти Хитойнинг энг йирик илмий тадқиқот муассасаси бўлиб, 2012 йилда ташкил этилган. Ҳозирда институт таркибида 8 та илмий тадқиқот маркази, 500 нафарга яқин илмий ходим фаолият юритади. У археологик ёдгорликларни тадқиқ этиш ва музейлаштириш бўйича Хитойдаги бош илмий марказ ҳисобланади.