ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. 2024 йил 1 январдан МДҲга раислик Россия Федерациясига ўтади. Бу ҳақда Бишкекда бўлиб ўтаётган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.
"Россия МДҲга бўлажак раислик даврида Ҳамдўстлик нуфузини мустаҳкамлаш бўйича фаол иш олиб бориш тарафдори", — дейди Владимир Путин.
Қайд этилишича, Москва учун асосий масалалар иқтисодий интеграция, ҳарбий ҳамкорлик ва тарихни сохталаштиришга қарши кураш бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Бишкекда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда Россия, Беларусь, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон етакчилари иштирок этмоқда.
Саммит тадбирлари давомида МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, инновациялар, рақамлаштириш, транспорт, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилади.