ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. "Газпром нефт" Ўзбекистон конларида қудуқларни бурғилаш жараёнларини оптималлаштиришга кўмаклашади, дея хабар берди
“Ўзбекнефтгаз”. Россия энергетика ҳафталиги доирасида “Газпром нефт” ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида тегишли шартнома имзоланди. Унга кўра "Газпромнефт" Ўзбекистон конларида қудуқларни бурғилаш жараёнларини оптималлаштиришга кўмаклашади.
“Ўзбекнефтгаз” конларида қудуқларни қуриш ва улардан фойдаланиш учун “Газпром нефт – Ноябрскнефтгаз” лойиҳанинг оператори сифатида муҳандислик ёндашувлари ва ечимларини ишлаб чиқади.
У бурғилаш назорати, бурғилаш ускуналари аудити, қудуқ дизайнини ўзгартириш бўйича тавсиялар ва бурғилаш суюқлигининг оптимал формуласини танлашни ўз ичига олади.
“Ноябрскнефтгаз” мутахассисларидан иборат гуруҳлар қудуқ унумдорлигини максимал даражада тиклаш борасида ўзлаштиришнинг кеч босқичидаги конларни ишлатиш учун зарур технологик малакаларга эга.
Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз”да бурғилашни бошқариш марказини ташкил этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда. Бунда “Газпром нефт” дастурий таъминоти ва унинг қудуқларни қуриш борасидаги илғор тажрибасидан ҳам фойдаланиш режалаштирилган.
“Ўзбекнефтгаз” бошқаруви раиси Баҳодир Сидиқовнинг сўзларига кўра, соҳада илғор технологияларни қўллаш - қазиб чиқариш жараёнларини режалаштириш, мувофиқлаштириш ва оптималлаштириш имконини беради. Бунинг натижасида хатарлар камайиши, жараён назорати ва меҳнат унумдорлиги ошади.
Маълумот учун, "Газпром нефт" 2012 йилдан буён углеводородларни қазиб олиш ва технологик жараёнлар самарадорлигини ошириш имконини берувчи бурғилашни бошқариш марказларини ташкил этиш билан шуғулланади.
Айни пайтда компания тасарруфида бурғиланишни туну кун назорат қиладиган юқори технологияли 10 та қудуқ қурилишини бошқариш маркази мавжуд. Уларнинг улуши жами 87 фоизни ташкил этади. Хорижий компания билан ҳамкорлик Жамиятнинг инновасион фаолиятини фаоллаштирадиган янги технологиялар ва ечимларни яратиш имконини беради.
"Газпромнефт-Ноябрскнефтгаз" "Газпром нефт" компаниясининг шўба корхонаси ҳисобланади. Корхона Ямало-Ненес ва Ханти-Манси автоном ҳудудидаги 37 та конда нефт ва газ қазиб чиқариш билан шуғулланади. Компания саноатга хос бўлган технологияларни жорий этиш тажрибасига эга.
2020 йилдан буён узунлиги 1 км га етадиган икки горизонтал шафталарда бир вақтнинг ўзида қатламларни гидравлик ёриш имконини берувчи мураккаблик даражаси юқори бўлган қудуқларни қуриб келмоқда. Компания мутахассислари бир вақтнинг ўзида 50 га яқин қазиб олиш ва излов-бурғилаш қудуқлари қурилиши, бурғилаш, ётқизиш, ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичлари – қудуқ майдончасини тайёрлашдан тортиб ишга туширишгача бўлган барча босқичларни туну кун кузатиб боради.