Мирзиёев Ўзбекистоннинг муҳим ҳамкори бўлган Сингапур компанияси раиси билан учрашди

Ўзбекистон иқтисодиётининг кимё, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида йирик инвестор ва муҳим технологик ҳамкор бўлган ушбу компания билан ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 октябрь куни Сингапурнинг “Indorama Corporation” компанияси асосчиси ва раиси Шри Пракаш Лохия бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон иқтисодиётининг кимё, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида йирик инвестор ва муҳим технологик ҳамкор бўлган ушбу компания билан ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
“Indorama Corporation” томонидан Ўзбекистонда пахта толасини етиштириш ва чуқур қайта ишлашга қаратилган йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Қўқон суперфосфат заводи модернизация қилинмоқда.
Давлат раҳбари сигапурлик инвесторнинг Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга ошириш, шу жумладан “Фарғонаазот” қувватларини кенгайтириш, тармоқ корхоналарини хусусийлаштириш, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалигида замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш режаларини қўллаб-қувватлади.
Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида компаниянинг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестициялари умумий ҳажми ҳозирги 600 миллион доллардан 850 миллион долларгача ошади.
Инвестициявий ҳамкорликнинг устувор лойиҳаларини илгари суриш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди.