ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Йўл ҳаракати қоидаларига (ЙҲҚ) индивидуал ҳаракатланиш воситалари ва скутер тушунчаларига таъриф бериш ва уларнинг қайси тоифадаги транспорт воситаси турига киришига аниқлик киритиш таклиф қилинмоқда. Тегишли қонун лойиҳасини ИИВ жамоатчилик муҳокамасига қўйган.
Индивидуал ҳаракатланиш воситалари (ИҲВ) - одамнинг индивидуал ҳаракатланиши учун мўлжалланган бир ёки бир нечта ғилдираклари (роликлари) бўлган транспорт воситаси. Булар: электросамокат, электр скейтбордлар, сегвейлар, уницикллар, моноғилдирак ва бошқа шунга ўхшаш воситалар.
ИҲВни бошқарадиган шахслар тротуарлардан, пиёдалар йўлкаларидан, пиёда ва велосипед йўлкаларидан соатига 6 километр тезликдан юқори бўлмаган ҳолатда, улар бўлмаганда эса йўлнинг ўнг четки қисмида соатига 20 километр тезликдан юқори бўлмаган ҳолатда ҳаракатланиши керак.
14 ёшдан кичик шахсларнинг ИҲВда ҳарақатланиши (ёпиқ ҳудудларда бошқариш бундан мустасно) тақиқланади.
Скутер – конструктив тезлиги соатига 25 километрдан, двигателининг иш ҳажми 25 см3дан (ички ёнув двигатели бўлганда) юқори, шунингдек номинал (белгиланган) қуввати 0,25 киловаттдан ортиқ ва 4 киловаттдан кам бўлган электр двигателли механик транспорт воситаси.
Худди шундай тавсифларга эга бўлган трицикллар ва квадрицикллар, шунингдек, йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишига мослаштирилган бошқа механик мосламалар ҳам скутерларга тенглаштирилади.
Агар қўшимчалар киритилиши маъқулланса, скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш шарт бўлади. Скутерни бошқариш учун А тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади.