Мирзиёев Осиё ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларини табриклади

Президент 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган 33-олимпия ўйинларида ҳам юксак чўққилар забт этилишига ишонишини таъкидлаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикасида бўлиб ўтган XIХ ёзги Осиё ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларига табрик йўллади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
“Аввало, Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIХ ёзги Осиё ўйинларида муносиб иштирок этиб, юксак натижаларни қўлга киритганингиз билан сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Сизларнинг жонажон Ўзбекистонимиз шарафини ҳимоя қилиш йўлида кескин кураш олиб бориб, улкан ютуқларга эришганингиз, ҳеч шубҳасиз, барчамизни, кўп миллатли халқимизни чексиз қувонтирди”, - дейилади хабарда.
Табрикда қайд этилишича, Осиё қитъасининг 45 та давлатидан 11 минг нафар спортчи иштирок этган бу мусобақаларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ўзларининг беқиёс маҳорати, ғайрат ва матонатини, ғалабага бўлган юксак интилиш ва иродасини намоён этиб, 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медалини қўлга киритганлари ҳар қандай таҳсинга сазовордир.
“Олтин медаллар 31 нафар спортчимиз томонидан қўлга киритилган бўлса, уларнинг тенг ярми – қизларимиз ҳиссасига тўғри келганини алоҳида мамнуният билан таъкидлашни ўринли деб биламан. 132 нафар вакилимиз жами 71 та медални қўлга киритиб, ўтган Осиё ўйинларига нисбатан рекорд натижани қайд этганлари ҳам барчамизни қувонтиради”, - дейилади табрикда.
Таъкидланишича, ўзбекистонлик спортчилар Хитой Тайпейи, Баҳрайн, Шимолий Корея, Гонконг, Эрон, Индонезия, Қозоғистон, Қатар, Сингапур, Малайзия, Вьетнам, Кувайт каби спорт соҳасида ривожланган давлатларни ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида Хитой Халқ Республикаси, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин фахрли бешинчи ўринни эгаллаганлиги Ўзбекистон спорти тарихида яна бир ёрқин саҳифа очди.
“Бўлиб ўтган қизғин беллашувларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Баҳодир Жалолов, Жалгасбай Бердимуратов, Улуғбек Рашитов, Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халаков, Диёра Келдиёрова, Тахмина Икромова, Севинч Раҳимова, Вилана Савадян, Эвелина Аталянц, Шарифа Давронова, Сафина Саъдуллаева, Музаффар Тўрабоев, Ольга Забелинская, Шоҳмурод Холмуродов, Нурислом Тўхтасин ўғли, Умид Эсонов, Артём Штурбабин, Ҳилола Ортиқбоева, Муҳсин Ҳисомиддинов, Зайнаб Дайибекова, Плиего Лара Мария Паола, Херрера Лара Луиза Фернанда, Гулистон Пердебаева, Анна Пракатень, Шеҳроз Ҳакимов, Дилшоджон Худойбердиев, Давиржон Давронов, Алишер Турдиев, Муроджон Йўлдошев ва бошқа спортчиларимизнинг нодир истеъдоди, маҳорати ва қобилиятига барча спорт мухлислари яна бир бор тан берди”, - дейилади президент табригида.
Шунингдек, табрикда ўзбек қиличбозлик спортининг ифтихорига айланган Зайнаб Дайибекова сабля жамоа дастурида Осиё қитъасида тенгсизлигини, Анвар Клевлеев эса слаломда эшкак эшиш беллашувида аксарият рақибларидан кучли эканини амалда намоён этганига урғу берилган.
“Айни вақтда навқирон фарзандларимиз кураш, дзюдо, бокс, енгил атлетика, бадиий гимнастика бўйича тенгсиз, таэквондо, велоспорт, оғир атлетика, футбол мусобақаларида эса етакчилар сафида эканларини амалда исботладилар”, - дейилган табрикда.
Президент 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган 33-олимпия ўйинларида ҳам юксак чўққилар забт этилишига ишонишини таъкидлаган.
Ханчжоуда XIX ёзги Осиё ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди — фото