ТОШКЕНТ, 8 окт — Sputnik. Ханчжоу олимпия спорт маркази стадионида XIX ёзги Осиё ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазирининг матбуот котиби маълум қилди.
Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цяннинг таклифига биноан айни пайтда ишчи ташриф билан ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов мазкур тадбирда иштирок этди.
Жорий йилнинг 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари ўтказилган “Ханчжоу-2022”да Ўзбекистон спортчилари муносиб иштирок этди ва 22 та олтин, 18 та кумуш, 31 та бронза медалига сазовор бўлди. Умумжамоа ҳисобида фахрли бешинчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, маросимда Осиё Олимпия кенгаши байроғи келгуси Осиё ўйинларининг мезбони Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳрига топширилди.