Россия ва Ўзбекистон иттифоқчилик муносабатларнинг янги саҳифасини очмоқда – Мишустин

Москвада Шавкат Мирзиёев ва Михаил Мишустин учрашуви бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Россия ва Ўзбекистон дўстона, шерикчилик ва иттифоқчилик муносабатларнинг янги саҳифасини очмоқда. Бу ҳақда Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувда маълум қилди.
Россия ҳукумати раиси бу Шавкат Мирзиёев учун Ўзбекистон президенти лавозимига қайта сайлангандан кейин биринчи ташриф экани ва Россия икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
“Ташриф Ўзбекистон ва Россия халқларини боғлаб турган дўстона, шерикчилик ва иттифоқчилик муносабатларимиз ривожланишида янги саҳифа очишига ишончим мутлақо комил”, - деди Мишустин.
Унинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий айланмаси 612 млрд доллардан ошган. Январь-июль ойларида ўзаро савдо айланмаси ҳажми 14,5 фоизга ўсиб, 470 млрд доллардан ошган.
Россия бош вазири учрашувда Кремлда Ўзбекистон ва Россия етакчилари музокараларида эришиладиган келишувлар устидан ишлашга ваъда берди.
Ўзбекистон президенти 5-7 октябрь кунлари расмий ташриф билан Россияда бўлиб турибди. Мирзиёев ташрифини Татаристондан бошлади. Ташриф доирасида Қозон шаҳридаги “Казань Экспо” марказида очилган Татаристон саноат салоҳияти кўргазмаси билан танишди. Татаристон раиси Рустам Минниханов билан музокаралар ўтказди.
Бугун Кремлда Россия президенти Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев музокаралари бўлиб ўтади. Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг қўшма баёноти қабул қилиниши ва қатор идоралараро ва тижорий ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.