“Ўзбеккосмос” Халқаро астронавтика федерациясига аъзо бўлди

Эндиликда “Ўзбеккосмос” етакчи космик давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтира олади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. “Ўзбеккосмос” агентлиги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятига эга бўлмоқда. Бу ҳақда агентлик Sputnik мухбирига хабар берди.
Куни кеча “Ўзбеккосмос” агентлиги Халқаро астронавтика федерациясига (IAF) тўлиқ аъзоликка қабул қилинди. Федерацияга аъзолик агентликка бир қатор имкониятларни тақдим этади.

“Эндиликда Агентликка федерация доирасида етакчи космик давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари яратилмоқда”, - дея маълум қилди агентлик Sputnik мухбирига.

Шунингдек, молиявий имтиёзлар ва бонуслар, федерациянинг электрон кутубхонасидан бепул фойдаланиш ва бошқа афзалликлар мавжуд.
Бундан ташқари, агентликка технологиялар трансфери, ер ва космик инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, космик мониторинг бўйича таклифлар келиб тушди, бироқ музокаралар ҳали ҳам давом этмоқда.
Ўзбекистон агентлигининг мазкур халқаро ташкилотга кириши Бокуда бўлиб ўтган 74-Халқаро астронавтика конгрессида маълум бўлди.
Халқаро космонавтика федерацияси (IAF) халқаро нодавлат, нотижорат илмий ташкилот бўлиб, коинотни тинч мақсадларда тадқиқ қилиш муаммолари, шунингдек, ҳуқуқий нуқтаи назардан ракета ва космик саноати масалалари билан шуғулланади.
Ташкилот 1950 йилда Парижда бўлиб ўтган Биринчи Халқаро Астронавтика Конгрессида 8 та давлат: Австрия, Аргентина, Буюк Британия, Дания, Испания, Франция, Германия, Швеция вакиллари томонидан ташкил этилган.
“Ўзбеккосмос”га қўшимча вазифалар юклатилади