ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Ўзбекистон илк бор 4,25 трлн сўм миқдоридаги яшил суверен халқаро облигациялар ҳамда 660 млн доллар миқдоридаги халқаро облигацияларни Лондон фонд биржасида жойлаштирди.Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, сўмда чиқарилган суверен халқаро облигациялар МДҲ давлатлари ичида илк "яшил" суверен облигациялар ҳисобланади.
“Яшил” облигациялар бўйича келиб тушадиган маблағлар сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, темир йўл ва метро транспортини ривожлантириш, санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш, шамол эрозиясига ва сув хўжалиги объектларининг қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш каби “яшил” лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади.
Бунда лойиҳаларни танлаб олиш жараёнига Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури жалб қилинган. “Яшил” облигациялар дастури бўйича "Sustainalytics" томонидан иккинчи тараф ижобий хулосаси олинган.
"Ўзбекистоннинг миллий валютадаги „яшил“ облигацияларига бўлган юқори талабни инобатга олиб, 3 йиллик сўмдаги халқаро облигацияларнинг фоиз ставкаларини (купон тўлови) кутилган 18 фоиздан 16,25 фоизга туширишга муваффақ бўлинди. Мазкур транзакция билан сўндириш муддати жорий йилнинг 23 ноябрь куни бўлган 1,9 трлн сўм миқдоридаги халқаро облигациялар муддатидан олдин сўндирилди", — дейилади хабарда.
Ички молия бозорларида сўнгги ўтказилган аукционда (26 сентябрь) 2 йиллик давлат қимматли қоғозлари бўйича фоиз ставкалари 17,57 фоизни ташкил қилган